Бош саҳифа > Без рубрики > HIMCHAN клиникаси иш бошламоқда

HIMCHAN клиникаси иш бошламоқда

Бухоро шаҳрида Жанубий Кореядаги “HIMCHAN” тиббиёт маркази клиникасининг филиали очилишига саноқли кунлар қолди. Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев бошчилигидаги делегация иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада ҳамкорлик ўрнатиш, ивестициялар киритиш мақсадида  ўтган йили Жанубий Кореяга қилган сафари давомида имзоланган меморандум асосида амалга оширилаётган бу иш соғлиқни сақлаш борасидаги эътиборли воқеалардан бири бўлади.

Айни пайтда Бухоро шаҳридаги собиқ банк коллежи биноси фойдаланиш учун “HIMCHAN” клиникасининг филиалига берилган. Кореялик ишбилармон тиббиётчилаар бинони тўлиқ реконструкциядан чиқаришди. Ҳозир бу  ерда жиҳозлаш ишлари давом этмоқда. Тиббий асбоб-ускуналарни хориждан олиб келиб ўрнатиш ва ишлаш жараёнларини техник жиҳатдан Кореядаги клиника методи асосида ташкил этиш бирмунча вақтни талаб қилмоқда.

Тайёргарлик ишлари билан бирга Бухородаги клиникада ишлаш учун танлаб олинган маҳаллий шифокор ходимларни янги муассаса меҳнат шароитига мос равишда малакалаштириш ҳам диққат марказида турибди. Шу мақсадда май ва июнь ойларида бухоролик шифокорларнинг икки гуруҳи навбатма-навбат Кореяга бориб келишди. Улар хорижлик ҳамкорларининг бош офисида, асосий клиникаларида бўлиб, бу ердаги ишлаш шароитлари билан яқиндан танишдилар. Албатта, дунёдаги ривожланган давлатлар қаторида  турган бу мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси билан танишиш бухоролик шифокорларда катта қизиқиш уйғотиб, ёрқин таассурот қолдирди. Улар бу ерда кўрганларини Ўзбекистонда ҳам жорий этилишидан ва бунга ўз ҳиссаларини қўшиш имконияти берилаётганидан мамнун ҳолда бир ҳафталик сафардан сўнг Бухорога қайтдилар.

27 июлда Бухородан навбатдаги шифокорлар гуруҳи  “HIMCHAN” тиббиёт маркази томонидан Жанубий Кореяга таклиф этилмоқда.

Шамсия ТУРСУНОВА.

Улашинг: