Бош саҳифа > Без рубрики > Тез ёрдам хизмати атрофидаги машмашалар

Тез ёрдам хизмати атрофидаги машмашалар

ИСЛОҲОТЛАРГА ЖАВОБИМИЗ ШУМИ?

Саида бу кеч онасиникида қоладиган бўлди. Эри Дилшод таътилга чиққани боис хотинининг илтимосига кўна қолди. Уч яшар кенжатойи онасига ўрганган, алламаҳалгача хархаша қилиб чиқди. Чироқни ўчириб, болани авради. Гўдак ҳам уни онаси деб гумон қилиб отасининг билагини маҳкам қучганча уйқуга кетди. Аммо онанинг бир кун уйда бўлмагани қимматга тушди.Болани ваннага солиб ўз иши билан андармон бўлган ота ўғлининг сирпаниб йиқилиб тушишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Жиддий жароҳат олган боласини дарҳол шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб борди.

Қабулхонада рўйхатга олган навбатчи уларни шифокор қабулига йўллади. Бу ерда турли ёшдаги аёллар шифокор маслаҳати учун навбат кутиб ўтирган экан. Боягина уввос солиб ўтирган бола негадир ўзгариб қолди: ранги докадай оқариб, тахтадек қотди-қолди. Дилшоднинг илтимоси ҳеч кимнинг кўнглини юмшатмади. Ҳеч ким навбатини беришни истамасди. Қайтанга унга танбеҳ беришга тушиб кетишди.

-Ҳозирги ота-оналарга ҳайронман, – деди ёши каттароқ хотин. – Арзимаган нарсага шифокорга югуришади. Эй ука, боланг йиқилган бўлса, бошига тухум чақиб ўтирмайсанми уйингда? Биз ҳам бола ўстирганмиз, лекин…

Шу топ бир юмуш билан ташқарилаган шифокор болага кўзи тушдию, уни дарҳол ичкарига олди. Аҳвол ниҳоятда жиддий, боланинг ҳаёти хавф остида эканлиги аён бўлди. Гўдакни шошилинч равишда жонлантириш бўлимига ўтказишар экан, эшик тагида навбатини олдирган сариқ соч новча аёл “адолатсизлиги” учун шифокорларга таъна тошларини ёғдира кетди. Яхшиямки, воқеа яхши якун топди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан бола ҳаётга қайтарилди. Бироқ одамларнинг оқибатсизлиги, диёнатсизлиги йигитни қаттиқ ранжитди. У таҳририятга келиб фарзандининг жонига оро кирган шифокорлар ҳақида бир нарса қоралашимизни илтимос қилди. Биз оқ халат соҳиблари билан учрашдик. Улардан шундай жавоб олдик:

“Биз ҳақимизда мақола ёзиш фурсати қочмас, ука. Малол келмаса, бу ишни бироз кейинроққа қолдирсак. Тизимда ишлаётган ҳар бир ходимнинг ишини қаҳрамонлик, деб атасак арзийди. Шунга қарамай кейинги пайтларда одамлар орасида тез тиббий ёрдам хизмати ҳақида негатив кайфият шаклланганаётганлиги бизни ранжитмоқда. Имкон бўлса, сиз журналистлар, мана шундай янглиш фикрларга, муносабатларга барҳам берадиган мақолалар ёзсангиз, биз миннатдор бўлар эдик”.

Тан олиш керак, барча соҳалар қатори мазкур тизимда катта ўзгаришлар кузатилди. Адолат билан ёндошиб фикр юритадиган бўлсак, бугун ҳеч бир ҳудуд йўқки, бу хизмат кириб бормаган бўлса.

-Бундан бир неча йил аввал бу тизим кўнгилдагидек фаолият олиб бормаганлигини бир нафақа ёшидаги инсон сифатида яхши эслайман, – дейди биз билан суҳбатда Бухоро туманидаги Ўба қишлоғида яшовчи фуқаро Сайфиддин Шокиров. – Тез ёрдам чақирсак, ҳар доим ҳам келавермасди. Баъзида ёқилғи танқислигини, гоҳида чақирувлар кўплигини баҳона қилишарди. Танбеҳ эшитган пайтларимиз ҳам бўлган. Бугун эса аҳвол мутлоқо бошқача. Қон босимим ошган пайтларда ёки невараларимнинг соғлигида жиддий ўзгаришлар пайдо бўлганда барака топкурлар доимо жонимизга оро киришмоқда. Шундай шароитларни яратиб қўйган ҳукуматимизга мингдан минг раҳмат деймиз.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатда тиббиёт жадал ривожланиш палласида. Айниқса, ТТЁ тизимнинг махсус автотранспортга бўлган талаби республика миқёсида тўлиқ қопланганлиги муҳим воқеадир. Бунинг натижасида тез тиббий ёрдам бригадаларининг чақириқларга кечикиши ҳолатлари кескин камайди. Кечикишларни янада янада камайтириш мақсадида  мавжуд бригадаларнинг ярмидан кўпи узоқ ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларига яқинлаштирилди. Тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш жараёнлари марказлаштирилган. Ортда қолган йилда тизим муассасаларига (республика бўйича) жами 13 миллиондан зиёд беморлар мурожаат қилган. Уларнинг 9,8 миллионга яқини “103” хизмати бўйича, қолгани эса стационар тузилмаларга мурожаат қилган. Шунинг ўзи тизимдаги ишлар ҳақида далолат бериши билан бир қаторда, аҳолининг айрим қатламларида стереотип қарашларни ўзгартириш пайти келганлигини кўрсатиб турибди. Ачинарли бўлса ҳам айтиш керакки, яратилаётган шароит ва берилаётган ҳуқуқларни суиистеъмол қилаётган одамлар ҳам бор. Тез ёрдамни ўйинчоқ қилаётган, кези келганда уни эрмакка чақираётган кимсаларнинг хатти-ҳаракатини асло оқлаб бўлмайди. Аксарият ҳолларда чақирувларнинг кечикишига одамларнинг ўзлари сабабчи бўлаётганликларини тушуниб етмаётирлар.

-Кейинги пайтларда ҳар қандай зиддиятли вазиятларга тайёр туришга тўғри келаяпти. Борган еримизда тиббиёт ходимига нисбатан қўпол муомалада бўлиш, унга нисбатан тажовузкорлик ва куч ишлатиш каби ҳолатларга ҳам рўпара бўлаяпмиз. Шундай пайтларда ҳаловат нималигини билмай хизмат қилаётган ҳамкасбларимизга осон эмас, – дейишди РШТЁИМ Бухоро филиали ТТЁ 1-бўлими фельдшерлари Феруз Ибрагимов ва Шерзод Бақоевлар. – Одамлар орасида чақирувга нега “Hunday” эмас, “Дамас” юбордиларинг дея инжиқлик қиладиганлари ҳам, тез ёрдам машинасини такси сифатида чорлайдиганлари ҳам топилади. Асоссиз чақириқлар камайса, йўллардаги тирбандликлар барҳам топса (кўпгина ҳайдовчилар сирена овозини эшитса ҳам йўлни бўшатмайди), кечикишлар асло бўлмасди.

Бир пайтлар тизимда ҳукмрон бўлган кемтикликлар сабаб оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам билиб-билмай бу борада салбий муносабатлар шаклланишига ҳисса қўшаётганликлари ҳам сир эмас. Бугун бундай қарашларни ўзгартирадиган пайт келди. Қайнона-келин жанжаллашса ҳам, уйқуси ёки иштаҳаси йўқолганда, битта “тримол” ичса ҳал бўладиган бош оғриғида ҳам, боласи негадир бугун кам йиғлагани учун, соғлигида ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаса ҳам “шунчаки” саломатлигини текшириб кўриш учун, шифокорларнинг тезкорлигини текшириш учун (хуллас, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин) тез ёрдамни безовта қилаётган кишилар ёки бўлмаса “нега кечикдинг”, деб тиббиёт ходимларига агрессия билан можарога киришаётган одамлар шу паллада қайсидир бир нуқтада кимдир ТТЁ йўлига кўз тикиб ўлим билан олишиб ётган бўлиши мумкинлигини англаб етишлари даркор.

Шукр қилайлик. Борининг қадрига етайлик. Шундагина ислоҳотларга фуқаро сифатида муносиб жавоб қайтарган бўлар эдик.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ.

Улашинг: