Бош саҳифа > Без рубрики > “МЕНИ ҲАЁТГА ҚАЙТАРГАН ШИФОКОРЛАРГА РАҲМАТ!”

“МЕНИ ҲАЁТГА ҚАЙТАРГАН ШИФОКОРЛАРГА РАҲМАТ!”

*Ташаккурнома

Ёшим олтмиш олтида. Очиғини айтадиган бўлсам, шу пайтгача кечирган умрим дард билан олишиб яшаш билан кечди. “Табиб – табиб эмас, бошидан кечирган – табиб”, деганларидек, ҳар куни дўзах азобида ўтадиган инсонгина олий неъмат саналмиш соғликнинг қадрига ета олар экан. Ўн олти ёшимда чап ўпкамдаги ўткир яллиғланиш, яъни йирингли абцесс хасталиги мени кемтик қилиб қўйди. Ўша кезларда Худойбердиев шарифли шифокор зарарланган ўпка тўқимасини хирургик йўл билан бартараф этиб, ҳаётимни сақлаб қолган. Саломатлигим эл қатори бўлмаса-да, ҳарқалай ўзимни эплаб, бировга юк бўлмай умргузаронлик қилиб келаётган эдим. Кутилмаганда 2006 йили оғир юрак хасталиги – миокард инфаркти “оёғимдан чалди”. Яна бир ўлимдан қолдим. Қон босимим кескин тушиб кетган экан. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг кардиореанимация бўлими шифокорлари – Эрмат Раҳимов, Комил Эргашев, Учқун Муҳидовлар саъй-ҳаракати билан 11 кун деганда қон босимим меъёрига келтирилади ва улар мени муқаррар ўлимдан сақлаб қолишади.

Жорий йилнинг май ойида соғлигим яна менга панд бериб қўйди: тўсатдан юрагим ва нафас аъзоларим ишлашдан тўхтади. Яқинларим мендан умидларини узишган, энди ўнгланмайди, деган хаёлга боришган. Кўзимни очсам, шинам ва ёруғ бир палатада ётибман… Кейин билсам, РШТЁИМ Бухоро филиалида эканман. Тепамда ҳамширалар ва шифокорлар парвона. Улар шок палатада эканлигимни айтишди. Ёш врач Жусуржон Яхшиев филиал раҳбари Мажид Кенжаевга менга кўрсатилган тиббий ёрдам ва умумий аҳволим ҳақида маълумотлар бераётган экан. Тажрибали раҳбарнинг муассасадаги ҳар бир ишга эътиборлилиги, тиббий аппаратларнинг ишчанлиги, дори-дармон захираси, ходимларнинг кийиниш ва муомала маданиятидаги назорати мени қувонтирди. У мени мени ҳам унутгани йўқ. Жилмайиб қўйди-да: “Хавотир олманг, опа, сиз ҳали кўп яшайсиз!” деди. Жигаримдек қўлларимни сиқиб қўйди. Эҳ, шугина бир далданинг, ширин сўзнинг қудратини қаранг: кўзларимдан ёшларим қуйилиб оқа бошлади. Бу ҳаяжонларим тўлқини ҳосиласи, қувонч ёшлари эканлигини ҳамма тушунди. Шифокор ортиқ сўз демади. Бошини билинар-билинмас қимирлатди (бу унинг “дардни сиз билан биргаликда енгдик, энди ўзингизни асранг”, дегани эди) ва хонадан чиқиб кетди. Кўп ўтмай, мени кардиотерапевтик реанимация бўлимига ўтказишди. Бу ерда ҳам менга шириндан-шакар ҳамширалар, врачлар эътиборда бўлишди. Уларнинг профессионал фаолияти, масъулияти мени ҳайратга солди.

Икки йил аввал филиалда қурилиш ишлари бошлаб юборилган, бугун ҳам жараёнлар давом этмоқда. Қурилиш билан бирга реконструкция ишлари натижасида беморлар ва шифокорлар учун янги шарт-шароитлар ҳамда қулайликлар вужудга келмоқда. Бу ердаги шарт-шароитлардан мен қатори кўплаб беморлар хурсанддирлар.

Зулфия РАЖАБОВА,

Бухоро шаҳри.

Улашинг: