Бош саҳифа > Без рубрики > УМРИНИ ТАРҒИБОТГА ТИККАН ИНСОН

УМРИНИ ТАРҒИБОТГА ТИККАН ИНСОН

Мақола сарлавҳасини ўқиб ажабланишингиз мумкин. Аммо, бу муболаға ҳам, бўрттириш ҳам эмас. Жамиятда шундай инсонлар борки, улар ўз ишини, касбини боласини, неварасини суйгандек ардоқлайди. Уни ривожлантираман, деб ўзини ўққа-чўққа уради. Бу йўлда ҳузур-ҳаловатидан, ҳатто орзуларидан кечишгада тайёр турадиган, кимнидир турткисига маҳтал бўлмай, ҳамиша олдинги қаторларда бўлишга интиладиган инсонлар борлиги барчамизга ибрат бўлгулик.

Исмоил Мустафоев ҳақида ҳам ман шундай ташбеҳларни ишлатиш ўринли, деб ўйлаймиз. Болаларча содда табиатли, бароқ қошлари остидан кўзлари кулиб турган, йиллар қаддини букиб қўйганига қарамай кексаликни бўйнига олмаган, мудом эл-юрт корига ярашдек залворли юкни бўйнига олиб ҳаракатдан тинмаган бу отахон билан суҳбатлашар экансиз, бундан олам-олам завқ ва таассуротлар оласиз. У бормаган муассаса, қадами етмаган корхона-ташкилот қолмаган ҳисоб. Тарғибот унинг ҳаёт мазмунига айлангани боис, кексалик нафақасига чиққанига кўп йиллар бўлганига қарамай, одамларни соғлом турмуш тарзига даъват этишдан чарчамайди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Исмоил ака кимнингдир кўрсатмаси ёки талаби билан эмас, кўнгилли бўлиб, қайноқ нуқталарга йўл олади. Одамларни ичкиликдан, гиёҳвандликдан ва бошқа иллату касалликлардан сақланишга ундар экан, бунинг учун вилоятнинг энг узоқ нуқтасига боришга тўғри келса ҳам ҳафсала қилмайди.

Исмоил Мустафоев 1937 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Унинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши даврларига тўғри келган. У яшаган оила кўп машаққатларни ва йўқотишларни бошидан кечирган. Ҳаётнинг оғир зарбалари уни бардошли ва интилувчан қилиб тарбиялади. Мактабда фанларни яхши ўзлаштирган ёш Исмоил спортга меҳр берди. Маҳалла болалари билан қўшилиб, турли тўгаракларга қатнади. Ўз даврида вилоят футбол командаси (собиқ “Динамо”, ҳозирги “Бухоро клуби”)да тўп ҳам сурди, футболчи сифатида яхши натижаларга ҳам эришган. Бироқ, у тиббиётнинг этагидан маҳкам тутишни лозим топди. 1962 йилда Тожикистон давлат тиббиёт институтини тугатгач, дастлаб ўша ерда қолиб республика руҳий асаб касалликлари шифохонасида нарколог-врач сифатида иш бошлади.

Орадан уч йил ўтиб И.Мустафоев она шаҳрига қайтиб келди. Шу даврдан бошлаб то нафақага чиққунга қадар руҳий касалликлар диспансерида, шунингдек кейинчалик ташкил этилган наркология диспансерида нарколог-врач ҳамда бош врач лавозимларида ишлади. Ўтган йиллар давомида унинг тажрибасидан самарали фойдаланилди, тизимни ривожлантириш йўлида ижобий ишлар қилинди. Исмоил ака тақдири жар ёқасига бориб қолган қанчадан-қанча инсонларни ҳаётга қайтарди,  уларга оёққа туриб олишга ва ҳаётдан баҳра олиб яшашга кўмаклашди. Ўйлаб қаралса, эллик йилдан зиёдроқ умри шу соҳани ривожлантиришга кетган экан.

Ўз вақтида Исмоил Мустафоев шаҳар кенгашига депутат ҳам бўлган. “Билим” жамияти лектори сифатида ўзини намоён этган. Маънавият жамияти томонидан бир неча марта Фахрий Ёрлиқ ва кўкрак нишони ҳамда вавилон ордени  билан тақдирланган. Ҳукуматимиз ҳам отахоннинг меҳнатларини муносиб тақдирлади. Фидокорона хизматлари учун саломатлик посбонига “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари, 2-даражали “Соғлом авлод учун ордени” билан мукофотлади.

Исмоил Муртазоевич Мустафоев 82 ёшни қаршилаган бўлишига қарамай, ҳамон ҳаракатда. Унинг шижоати ва фидокорлиги бугунги ёшларга ибратдир.

Улашинг: