Бош саҳифа > Жамият > ФАХРИЙЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАЙЛИК

ФАХРИЙЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАЙЛИК

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4906-сон Фармони  ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2705-сон қарори  кексаларни қўллаб-қувватлаш давлат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қариялар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаоллигини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳасида катта авлод вакилларининг ролини ошириш учун қабул қилингандир.

Юқоридаги фармон ва қарорни амалга ошириш йўлидаги ҳаракатлардан бири вилоят соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг фахрийлар кенгаши тузилганлиги бўлди.  Бу кенгаш Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими ва вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этилганига бир йилдан ошди. Айни пайтда кенгаш фаолиятининг самараси ўлароқ вилоятда  соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаган ва ишлаётган, давлатдан пенсия олиб турган 3270 нафар нуронийлар рўйхатга олинди, улардан 14 нафари якка-ёлғиз яшаётган қариялар эканлиги маълум бўлди ва бу инсонларга “Нуроний” жамғармаси ва бошқа ҳомийлар томнидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда..

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги  4906-сон Фармони  ва унинг моҳияти тўғрисида   гапирадиган бўлсак, айниқса, унинг 10-банди талаблари хусусида барча раҳбарлар билиб қўйишларини истардик. Ушбу бандда: «Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар ва бошқа хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига пенсияга чиқадиган ходимларга доимий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишни, уларга зарур моддий ва ижтимоий кўмак бериш, меҳнат жамоасининг жамият ҳаётида фаол қатнашишини, шунингдек ҳар йили пенсионерлардан, айниқса, якка-ёлғизлардан хабар олиш, туғилган кунларида ва байрамларда уларга эсдалик совғалар беришни, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишда кўмаклашишни, санатория-курортда соғломлаштириш ва даволашни ташкил этишни, шунингдек муқаддас жойларга ва зиёратгоҳларга экскурсиялар ташкиллаштиришни ва бош-қа ижтимоий аҳамиятли тадбирларни амалга оширишни таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин. Пенсионерлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий муҳим муаммоларини муҳокама қилиш ва ҳал этишга ёрдам бериш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига пенсияга чиққан ходимларини раҳбарият томонидан қабул қилиш жадвалларини ҳар ойда тасдиқлаш юклансин»,  дейилган.  Шунга кўра кейинги пайтларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида фахрийларга эътибор кучайтирилганини сезиш мумкин, бироқ барча тиббиёт муассасаларида ҳам аҳвол шундай ижобий деб бўлмайди. Баъзи бир раҳбарлар қабулига келган кекса ёшдаги кишилардан, устоз даражасидаги инсонлардан қочадилар, ўйламайдиларки, эрта-индин ўзлари ҳам кексайиб қолишлари, кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлишлари мумкин.

Фахрийларнинг бой тажрибаси, ҳаёт йўли бугунги ёш шифокорлар учун ибрат мактабидир. Шунинг учун фахрийларимизни эъзозлашимиз, уларнинг ҳаётий, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга сидқидилдан ёрдам беришимиз керак.

 

Суннат Мамедов,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошидаги Фахрийлар кенгаши раиси, тиббиёт соҳаси меҳнат ветерани.

 

Газетанинг 1-саҳифасида суратлари берилган таниқли шифокорлар

Марҳумлар:

Юлдашев Шавкат Гулямович – Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул лавозимларида ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бошлиқ бўлиб ишлаган.

Амирқулов Исо Амирқулович – Жондор туман марказий касалхонасида бош врач лавозимида ишлаган.

Камолова Юлдуз Якубовна – вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бошлиқ ўринбосари ва вилоят ихтисослашган туғруқ комплексида бош врач лавозимларида ишлаган.

Сафаров Георгий Исакович – вилоят ДСЭНМ ва вилоят физиотерапия шифохонасида бош врач лавозимларида ишлаган.

Бердиев Усмон Мустақимович – вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармасида бошлиқ ўринбосари лавозимида ишлаган.

Жумаев Мурод Жумаевич – вилоят ДСЭНМ да  бош врач ва диагностика марказидан ижрочи директор лавозимларида ишлаган.

Қосимов Тилав Собирович – Ромитан туман марказий касалхонасида бош врач лавозимида ишлаган.

Шарипова Нодира Жўраевна – вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида бош педиатр ва Бухоро давлат тиббиёт институтида профессор лавозимларида ишлаган.

Ишонқулова Мастура Жамаловна – Вобкент туман марказий касалхонасида бош врач лавозимида ишлаган.

Атавуллаев Мусо Иноятович – вилоят кўптармоқли тиббиёт марказида бўлим мудири ва врач лавозимида ишлаган.

Ботирова Ҳабиба Қаҳҳоровна – Бухоро шаҳар 1-сон оилавий поликлиникада бош врач лавозимида ишлаган.

 

Фахрийлар:

Мамедов Суннат Ниёзович – вилоят онкология диспансерига раҳбарлик қилган.

Раҳматов Жума Сафоевич – вилоят наркология диспансерига раҳбарлик қилган.

Ҳакимов Абдулла Ҳакимович – вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Моҳи Хосса санаторийсига раҳбарлик қилган.

Эсанова Ҳамида Темировна – вилоят кардиология диспансерига раҳбарлик қилган.

Негматов Фазлиддин Туробович – Ғиждувон туман марказий касалхонасига раҳбарлик қилган.

Улашинг: