Бош саҳифа > Биласизми? > АТМОСФЕРА ҲАВОСИ МУСАФФОЛИГИ ЙЎЛИДА

АТМОСФЕРА ҲАВОСИ МУСАФФОЛИГИ ЙЎЛИДА

Инсон ҳаёти ва фаолияти ҳамда атроф-муҳит учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсатгичларини экологик нормативларга мослигини таъминлаш,  аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш масалалари бугунги куннинг энг устувор экологик вазифаларидан биридир. Яқиндагина тасдиқланган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шу мақсадларда хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йилнинг
2 февраль куни ўтказилган экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилишда ҳам Андижон, Ангрен, Бухоро, Навоий, Фарғона, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ, Тошкент ва Нукус каби саноатлашган шаҳарларда ҳавонинг чанг билан ифлосланиш даражаси санитар меъёрдан ўрта ҳисобда 2,7 баробар ортгани таъкидланган эди.

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаамалдаги «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилишини ва бу йўналишдаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш натижалари қонунчиликнинг ҳозирги кундаги ривожланиши ва халқаро шартномаларнинг қоида ва меъёрларини инобатга олган ҳолда уни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Конституциямизнинг 83-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасиқонуни лойиҳаси 2018 йилнинг 30 ноябрь куни Қонунчилик палатасида қабул қилинди ва Сенат томонидан жорий йил 28 февраль куни маъқулланди ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 13 март куни имзоланди.

Ушбу қонунни тайёрлаш жараёнида хорижий давлатларнинг, шу жумладан Буюк Британия, Германия, Эстония Хитой, АҚШ, Япония Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Молдавия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Украина ва бошқаларининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ва амалиёти ўрганилди.

Бундан ташқари, бир қатор муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар,шу жумладан: «Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича» Вена конвенцияси, «Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича» Монреаль протоколи,БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Париж келишуви ва Хадли конвенцияси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иссиқхона газлари тарқалишини камайтириш механизмига асосланган квоталанган савдо тўғрисидаги глобал келишув – Киото протоколи, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Атмосфера ҳавосини катта масофаларда трансчегаравий ифлосланиши Конвенцияси ва унинг амалдаги протоколлари (Европада атмосфера ҳавосини ифлослантирувчиларнинг узоқ масофада тарқалишини кузатиш ва баҳолаш лойиҳасини ҳамкорликда узоқ муддатли молиялаштиришга тааллуқли Протокол (ЕМЕП), Оғир металлар бўйича протокол, Турғун органик ифлослантирувчилар бўйича протокол, Кислоталаштириш, эвтрофикация ва ерга яқин озон билан қарши курашиш Протоколи) ўрганиб чиқилди.

Қабул қилинган қонунда қуйидагилар назарда тутилган:

биринчидан, фуқароларга атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш ва жамоатчилик экологик экспертизасини амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи норма билан тўлдирилди;

иккинчидан, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқарувини органларининг ваколатлари аниқ белгиланди;

учинчидан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминлашда иштирок этишиҳуқуқий механизми мустаҳкамлаб қўйилди;

тўртинчидан, атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқаришнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини, доимий ифлослантирувчи манбалар физикавий омилларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатишининг йўл қўйиладиган доирадаги нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланишимустаҳкамлаб қуйилди;

бешинчидан, атмосфера ҳавосидан фойдаланиш нормативларига доир ишламаётган нормалар чиқариб ташланди;

олтинчидан, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаси, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи омил, минерал ўғит ва бошқа препаратлар сифатида кимёвий моддаларни ишлатишга қишлоқ хўжалиги ўсимликларини муҳофаза қилиш воситаларини қўллаш регламентига мувофиқ йўл қўйилиши белгиланди;

еттинчидан, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилиши тўғрисидаги норма билан тўлдирилди;

саккизинчидан, фаолияти атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш мақсадида қўшимча мажбуриятлар белгиланди;

тўққизинчидан, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан экологик назорат бўйича махсус ваколатли давлат органларининг функциялари белгиланди.

Мазкур қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари чегараларини белгилаш ва аниқлаштириш, мазкур соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш, озон бузувчи моддалар ва уларни таркибида тутувчи маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришни ҳуқуқий тартибга солиш, энг асосийси атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади.

Улашинг: