Бош саҳифа > Жамият > ФУҚАРО БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ – унда эзгу мақсад мужассам

ФУҚАРО БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ – унда эзгу мақсад мужассам

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, улар билан яқиндан мулоқот қилиш, бу орқали уларнинг муаммоларини ҳал этиш  бўйича муҳим ҳамда устувор вазифалар тилга олинган, мутасаддиларга бу йўналишда тегишли топшириқлар берилган  эди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, шунингдек уларни жойида бартараф этиш юзасидан тезкор чораларни кўриш мақсадида жойларда вилоят ҳамда республика тизимидаги раҳбарлар томонидан сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Қаюмович Шадманов 2 апрель куни Бухоро вилоятида бўлиб, бу ердаги мурожаатчилар билан учрашди. Дастлабки сайёр қабул Вобкент туманидаги “Порлоқ келажак” болалар ёзги оромгоҳида уюштирилди. Унда мезбон туман, шунингдек унга яқин бўлган Ғиждувон, Шофиркон, Ромитан, Пешкў, Бухоро туманларидан келган олтмиш нафарга яқин мурожаатчилар қабул қилинди. Қабулга юқори технологияли жарроҳлик  амалиётига эҳтиёж сезувчи энг оғир беморлар жалб этилди.

Вазир фуқаролар билан учрашуви чоғида уларнинг дарди ва муаммосини ўз дардидай қабул қилиб, ҳар бир фуқаро билан самимий суҳбатда бўлди. Вазминлик билан уларни тинглар экан, ҳар бир мурожаатнинг ечим топиши, эртага бу масалалар ора йўлда қолиб кетмаслигининг чораларини кўргани, айниқса бу ерга келганларнинг кўнглида илиқ таассуротлар уйғотди. Туман, вилоят, республика миқёсида ҳал бўладиган муаммолар муҳокама этилган ҳолда, уларни тезда ҳал этиш бўйича масъулларга жойида топшириқлар берилди.

Ромитанлик 1962 йилда туғилган Алексей Маркин узоқ йиллардан буён уйсизлик ҳамда соғлигидаги муаммолардан азият чекиб келаётган экан. Фуқаро билан суҳбатлашган вазир, аввало унинг прописка масаласига ечим топиш лозимлигини таъкидлаб, бу борада туман ҳокими ўринбосари ҳамда туман ички ишлар бўлимини ҳамкорликка чорлади. Беморни бепул соғломлаштириш масъулиятини туман тиббиёт бирлашмаси ўз зиммасига олди. Оғир жарроҳлик амалиёти учун талаб этиладиган, шу билан бирга уни харид қилишга беморнинг имконияти етмайдиган протез воситасини олиб беришда туман ҳокимлиги маблағ топиб берадиган бўлди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида фуқарони бепул операция қилиш ва уни соғлом ҳаётга қайтариш режалаштирилди. Эндиликда у фақатгина белгиланган санада вилоят муассасасига ташриф буюрса бўлгани.

Вазир қабулидан чиққан А.Маркин самимий учрашувдан кўнгли кўтарилганини, бир учрашувнинг ўзида бир неча муаммоси ҳал бўлишини кутмаганлигини, унга айтилган гаплар шунчаки ваъда бўлмай, уларнинг ижросини шахсан соғлиқни сақлаш вазири назоратга олишини билдиргани уни ниҳоятда қувонтирганини билдирди.

Шофиркон туманидан келган ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган Жавоҳир Юсуповга магистрал томирлар икки томондан тармоқлаб чиқиши туғма нуқсони ташхиси қўйилган. Қабулга келган она фарзандини даволатиш учун қатор даволаш муассасаларига мурожаат қилганини, мутахассислар унга бола бироз улғайгач хорижга олиб бориб операция қилдириш кераклигини айтишганини, бунинг учун эса унда талаб этиладиган маблағ йўқлигини таъкидлади. Гўдакнинг бувисининг гапларига қараганда, келинчакни уйдагилари ҳайдаб солишган ва шу йўл билан ногирон бола ташвишидан қутилмоқчи бўлишган.

Болада гуноҳ йўқ. Аслида гўдакнинг шундай қисматга рўпара бўлишида ўзи эмас, аксинча унинг ота-онаси ва яқинлари сабабчи эмасми? Уларнинг ўзлари гўдак ҳали дунёга келмай туриб қандайдир хатоликка йўл қўйганликларини идрок этсалар, мулоҳазакор бўлсалар бўлмасмикан? Зеро, аксарият ҳолларда туғма, наслий касалликларнинг вужудга келишига одамларнинг ўзлари сабабчи бўлишларини доимо билавермайдилар. Алишер Қаюмович бу мурожаатни ҳам эшитиб, ўз мулоҳазаларини билдирди. У айни пайтда мамлакатимизда бу соҳада катта ютуқлар қўлга киритилаётганлигини, Президентимиз ташаббуси билан бир пайтлар хориждагина қилинган жарроҳлик амалиётлари ҳозирда ўзимизда муваффақиятли бажарилаётганлигини эътироф этди. Жавоҳиржон жорий йил июнь ойида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг йўлланмасига асосан Республика кўкрак қафаси қон томир хирургияси марказига юборилади ва у ерда етакчи мутахассислар томонидан операция қилинадиган бўлди.

Шу куни уч нафар фуқаро вилоят, ўттиз нафари республика тиббиёт марказларига ордер олиш учун навбатга қўйилди. Бир нафарига ногиронлик аравачаси берилган бўлса, 14 нафарига туман ҳокимликлари томонидан уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш учун керак бўлган маблағ ажратиладиган бўлди. Мурожаатларнинг асосий қисми туғма юрак нуқсони, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, буйрак ва нафас йўллари хасталиклари юзасидан бўлиб, уларни шу йўналишлар бўйича соғломлаштиришга йўналтирилди.

3 апрель куни навбатдаги сайёр қабул вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Исломович Нарзиев бошчилигида Бухоро шаҳрида жойлашган нефт ва газ коллежида ташкиллаштирилди. Қабулга Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек Олот, Қоракўл, Жондор, Когон ҳамда Қоровулбозор туманларидан юз нафарга яқин мурожаат эгалари ташриф буюрдилар. Мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

 

Элёр ОЛТИЕВ,

вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасининг

даволаш-профилактика ва тиббий статистикани

ташкиллаштириш бўлими бошлиғи.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

журналист.

Улашинг: