Бош саҳифа > Жамият > ҚИЗЛАРНИ ТУРМУШГА ТАЙЁРЛАШ – ЖИДДИЙ МАСАЛА

ҚИЗЛАРНИ ТУРМУШГА ТАЙЁРЛАШ – ЖИДДИЙ МАСАЛА

“Эрта никоҳ – калта нигоҳ” танловига

Афсуски, сўнгги йилларда оилавий ажримларнинг кўлами тобора ортиб бормоқда. Бу борадаги рақамларни қисқартириш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида узоқ гапириш, узундан-узун мисоллар келтириш мумкин. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида ташкил этилган “Яраштирув комиссияси”га ваколатлар берилдики, улар ёш оилаларнинг бузилиб кетмаслигининг олдини олиш йўлида зарур чора-тадбирлар устида иш олиб бордилар. Хусусан, шу комиссия хулосаси бўлмай туриб судлар эр-хотиннинг ажрашиш тўғрисидаги ишини кўриб чиқмайдиган бўлди. Аммо нохуш ҳолатлар бу билан камайиб қоляптими? Албатта йўқ.

Рақамларга эътибор қаратамиз: 2017 йилнинг ўзида республикамизда 31000 га яқин оилалар инқирозга юз тутган, яъни эр-тотинлар ажратилган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йилнинг саккиз ойи давомида 192000 оила қурилган бўлиб, 23,8 минг оила ажратилганлиги қайд этилган.Бунинг оқибатида неча минглаб болалар ота ва онасиз қолди. Уларнинг бахти кемтик бўлиб қолди. Муборак ҳадисларда бир оиланинг бузилиши арши аълони ларзага келтириши айтилади. Бундан Аллоҳнинг ғазаби келаркан.

Оилаларнинг инқироз ёқасига келиб қолаётганлигига асосий сабаб – йигит-қизларнинг ҳали ҳаётни тушуниб етмасдан, турмушнинг масъулиятини ҳис қилмасдан, унинг моддий ва маънавий муаммоларига ҳар жиҳатдан тайёр бўлмасдан турмуш қураётганлигидир. Оила кодексига кўра, мамлакатимизда қиз болага 17 ёшда, ўғил болага эса 18 ёшда оила қуришига рухсат берилади. Менинг назаримда бу борада кодексга ўзгартириш киритиш ниҳоятда муҳим. Яъни, мен улар учун никоҳ ёшини камида 20 ёш қилиб белгилишни таклиф қилган бўлардим.  Бу ёшда ёшларимиз нафақат касб-ҳунарли, мустақил фикрга эга, бир сўз билан айтганда ҳаётга бир қадар тайёр бўладилар. Бу тадбир оилалар орасида ажралишларнинг сонини кескин камайтиришга хизмат қилишига ишонаман.

Ота-оналарга демоқчи бўлганим шуки, хайрли деб билган ишга асло шошилмаслик керак. Аждодларимиз улуғ бир гапни айтиб кетишган: “Шошилган мушук кўр туғади”. Ҳар бир қилаётган ишимизнинг моҳиятини ўйласакгина хайрли бўлади.

Физиологик жиҳатдан оналикка тайёр бўлмаган ёш қизларнинг аянчли тақдири ҳақидаги мисоллар атрофимизда тўлиб ётибди. Кетма-кет ҳомиласи нобуд бўлган, бепуштлик домига илинган ёки ўз ҳаёти хавф остида қолган ўнлаб келинчаклар ҳақида эшитганмиз. Кези келганда шу воқеаларга гувоҳ бўлсакда, негадир улардан хулоса чиқаришга ожизлик қиламиз. Ўзимизнинг нораво хатти-ҳаракатларимизни оқлашгада қоп-қоп важлар ҳам топишга устамиз. Аммо, ғишт қолипдан кўчганда, фарзандимиз бахтсизлик тубига тушганида кеч бўлганлигини англаймизу, афсус-надоматдан наф йўқлигини англаганимиз сари баттар ич-этимизни ейишга тушамиз. Ҳа, унда анча кеч бўлган бўлади. Бахти кемтик бўлган қизингиз уйингиз остонасига кўзида ёш, алам билан кириб келганида унинг яксон бўлган орзулари ва бахтини тиклаб бериш ҳеч кимнинг қўлидан келадиган иш эмас. Ҳатто ошиб тошиб ётган бойлигингизда унга бундай бахтни, ҳаловатни қайтара олмайди, азизлар.

Биз бугун мустақил ва демократик давлатда яшаяпмиз. Ҳар бир инсоннинг илм олиш, ишлаш ва бошқа имкониятлардан тенг равишда фойдаланишга бирдек ҳаққи ва ҳуқуқлари бор. Бироқ, жамиятимиз вакилларининг айрим аъзоларида қиз бола ўқиши, ишлаши шарт эмас, бўйи етса уни дарҳол турмушга узатиш керак деган янглиш тасаввурлар устувор бўлаётганлиги ташвишга солади кишини. Калаванинг учи аслида шу ерда эмасми? Қиз болани мактабни тугатар-тугатмас турмушга бераётганлар кўп ҳолларда панд еб қолаётганликлари бор нарса. Вояга етмаган қиз табиийки, турмушнинг муштлари олдида гангиб қолади. Уқувсизлиги уни янада мушкул аҳволга солиб қўяди. Келишмовчиликлар, можаролар, бир-бирини тушунмаслик янада авж олган оилада фалокат қаламингиз орасида ўралашиб юради.

Шундай вазиятларнинг бирида қайсидир томон кескин иш тутади. Оддийгина йўл билан ҳал бўладиган масалани баъзан ўзимиз улкан ва ечиб бўлмайдиган тугунга айлантирамиз. Бу биз учун ечилмайдиган, бироқ четдаги одамга осонгина ҳал бўладиган иш бўлиб чиқади. Сабаб нима? Нега шундай? Чунки барида ўқувсизлик, сабрсизлик, мулоҳазасизлик асосий омил бўлиб хизмат қилади. Сабр-қаноатни, тинглашни, ўрнида мулоҳаза юритишни, лозим жойда сукут сақлашни, ўз айбини мардона тан олишни, билганидан билмаганлари зиёда эканлигини билиб ҳамиша ҳурмат билан қўл қовуштириб туришни, уйдаги гапни шу уй остонасига кўмиб ташқарига эса фақат ичкаридаги яхши гапларни чиқаришни, энг муҳими ўз вазифасини жуда яхши биладиган ва масъулиятни ҳис қиладиган келинларгина оиланинг муштларига дош бера оладилар. Улар ҳар қандай жойда оилани гуллатиб, ҳар қандай муҳитга аёллик файзи ва таровати билан мослаша оладилар.

Ҳеч бир онанинг, ҳеч бир отанинг узатилган қизи кўзида ёш билан қайтиб келмасин. Қизларнинг бахти учун улар ҳали гўдаклигиданоқ қайғуриш даркор. Биз уларни турмушнинг баҳорига ҳам, ёзига, куз ва қишига ҳам мослаша оладиган даражада тарбия қилишимиз, ҳаё ва ибони, катталарга ҳурматни ўргатишимиз, камолга етгач касб-ҳунарли, севимли бир касб эгаси бўлишининг тадоригини кўришимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

 

Тошпўлат АШУРОВ,

Когон шаҳри, “Зиёкор” МФЙ.

Улашинг: