Бош саҳифа > Жамият > ВБКТТМ: Болалар саломатлиги йўлида

ВБКТТМ: Болалар саломатлиги йўлида

Мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигига давлат даражасида эътибор қаратилаётганлиги бугун педиатрия соҳасининг жадал ривожланишини тақозо қилаётир. Юртимиздаги шу йўналишга ихтисослашган даволаш муассасаларида болаларнинг саломатлик ҳолати, ўткир ва сурункали касалликларни ташхислаш ва самарали даволашнинг янги технологияларидан унумли фойдаланиш сари қадам ташланди, бу айрим ютуқларни қўлга киритишга сабаб бўляпти.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази Бухорода дастлаб ташкил топган, тарихи қарийб юз йилга борадиган касалхонадир. Айни пайтда тиббиёт маркази 220 ўринга (бемор койкаларига) мўлжалланган биноларда фаолият кўрсатмоқда. Ўтган 2017 йилда шифо масканида 14 минг 26 нафар бемор даволаниб чиққан бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 14 минг 390 нафарни ташкил этган.

Муҳими шундаки, бир пайтлар фақатгина пойтахтдагина ёки хориждаги етакчи клиникаларда бажарилган мураккаб операциялар шу кеча-кундузда вилоят болалар тиббиёт марказида ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, нейрохирургия бўйича 2017 йилда 3 та, 2018 йилда 19 та туғма гидроцефалияда вентрикулоперинониал шунтлаш операцияси, чақалоқлар хирургияси бўлимида чақалоқларда учрайдиган туғма нуқсонларни даволашда 2017 йилда 61 та, 2018 йилда 202 та жарроҳлик амалиётлари бажарилган. Хирургия йўналишида кам инвазив юқори технологияли операциялар қилинмоқда. Масалан, 2018 йилда 20 та мустақил лапороскопия, 11 та эндоурологик эндоскопия амалга оширилган. Шунингдек, вилоятда илк маротаба болаларда лапороскопик холецистоэктомия ва чақалоқларда диафрогмал  чуррани торакоскопик усулда бартараф этиш операциялари амалга оширилганлиги муҳим воқеалардан бири бўлди.

-Айни пайтда бажарилаётган жарроҳлик амалиётларининг самарадорлиги шундаки, бу ишлар замонавий тиббий аппаратлар ёрдамида бажарилиб, жароҳат ўрни жуда қисқа фурсатларда битиши ва беморнинг тезда соғайиб, оёққа туриб кетишини таъминламоқда. Илгари операциядан кейин беморнинг нормал ҳолатга келишини ҳатто бир неча ой давомида кутишга тўғри келарди. Эндиликда бу жараён бир неча кунни ташкил этаётганлиги қувонарли ҳолдир, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врач ўринбосари Лазиз Ҳамидов.

Вилоятда 1643 нафар бола юрак туғма нуқсони билан “Д гуруҳ” назоратида туради. Шундан 234 нафари ногиронлиги бўлган болалар ҳисобланади.  Марказда жорий йилда республикадаги етакчи “Akfa medline” тиббиёт клиникасининг кардиохирурглари билан ҳамкорликда етмиш нафарга яқин юрак нуқсони бор болалар тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда шулар ичидан икки нафар болага очиқ артериал йўлак нуқсони ташхиси қўйилди ва улар муваффақиятли операция қилинди.

Отоларингология (ЛОР) йўналишида ҳам айтишга арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Кохлер имплантациясида ишлатиладиган микроскоп аппарати олинганлиги ушбу бўлим шифокорларига янги имкониятларни яратмоқда.

Чақалоқлар хирургияси бўлими республика вилоятлари ичида Андижон, Самарқанд, Хоразм ва Бухорода мавжуд бўлиб, улар белгиланган минтақавий ҳудудларга хизмат қилади. Хусусан, Бухоро тиббиёт марказида ташкил этилган чақалоқлар хирургияси бўлими вилоятдан ташқари қўшни – Навоий ҳамда Қашқадарё вилоятларини ҳам қамраб олади. Бу ерда 1 ёшгача бўлган туғма нуқсонли болаларга тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Бугунги кунда вилоят болалар кўп  тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика нейрохирургия илмий маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, академик Воҳидов номидаги республика ихтисослашган хирургия марказининг болалар туғма юрак нуқсони бўлими ҳамда Республика болалар ортопедия маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдалар.

Шу билан бир қаторда улар Туркия, Германия, Исроил ҳамда Россия давлатларининг етук мутахассислари билан биргаликда 2018 йил давомида қатор соҳалар бўйича маҳорат дарслари олиб бордилар. Мастер-класслар давомида муассасада долзарб саналган касалликлар муҳокама қилиниб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди. Тиббий ислоҳотларининг самараси ўлароқ, ўтган йилнинг ўзида марказнинг саккиз нафар мутахассиси Германия ҳамда Россия давлатларида ўз соҳалари бўйича малака ошириб қайтишди. Айни пайтда улар ўз билим ва малакаларини амалиётда самарали қўлламоқдалар.

Барча бўлимлар ҳозирги пайтда замонавий биноларда янги шарт-шароитларда фаолият юритмоқда. 2019 йил Инвестиция дастурига асосан марказнинг маслаҳат поликлиникаси янгича қиёфага киради. Эндиликда бу ерда беморларнинг тиббий кўрикларини янада самарали ташкил этишга хизмат қиладиган шароитлар муҳайё этилади.

Ҳамма  жойда бўлгани каби ютуқлар билан бирга марказ фаолиятида ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Аввало, шуни алоҳида қайд этиш керакки, марказ ихтисослашган касалликларга режали хизмат кўрсатади. Маслаҳат поликлиникаси эса айни пайтда 100 қатновга мўлжалланган. Кейинги пайтларда туманлардан йўлланаётган (баъзан йўлланмасиз) грипп, бронхит сингари оддий беморлар ҳисобига бир кунда 600-800 нафаргача беморни қабул қилишга мажбур бўлаётирлар. Узундан-узун навбатлар ҳисобига шифокорларнинг оғир ва асоратли касалликлар билан келган беморларга вақти кам қолаяпти. Бу эса оғир беморлар билан индивидуал шуғулланиш имкониятини бир қадар чеклаб қўймоқда.

Туманлардаги тиббиёт бирлашмалари шифокорлари аксарият ҳолларда беморларни тўлиқ текширмасдан тўғридан-тўғри вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига йўллаётганликлари ажабланарли ҳол. Ваҳоланки, уларда бунинг учун етарлича имконият ва шарт-шароитлар яратиб қўйилган. Албатта, бу ерда врачларнинг билим ва малака даражасига боғлиқ сабаб ҳам бўлса керак.

-Ҳудудларда замонавий диагностика ва даволаш аппаратлари, шунингдек усуллари йўлга қўйилган. Шунга қарамай, туман тиббиёт бирлашмалари ва бирламчи тиббий ёрдам муассасалари (ҚОП, ҚВП) ўртасида тизимли боғланиш  мустаҳкам эмаслиги кўриниб қоляпти, – дейди ВБКТТМ бош врачи  Аваз Жалолович Қурбонов. – Бемор болаларни ҚОП ва ҚВПлардан тўғридан-тўғри вилоят марказига олиб келишяпти. Ахир, оддий касалликларни, масалан оддий шамоллаш билан мурожаат қилаётган беморни ўша ернинг ўзида, уларни сарсон қилмасдан, даволаш мумкин-ку. Шундай беморлар оқими ҳисобига тиббиёт марказида шифокорларга юкламалар ортиб бормоқда. Ҳар бир бўғин ўз зиммасидаги вазифани вақтида адо этса, беморлар билан тўғри муносабатни йўлга қўйса, ўйлаймизки, бу муаммолар ўз ечимини осонгина топади.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ.

Улашинг: