Бош саҳифа > Жамият > НАВРЎЗ – ЭЗГУ ИШЛАРНИНГ ЯНГИ САРЧАШМАСИ

НАВРЎЗ – ЭЗГУ ИШЛАРНИНГ ЯНГИ САРЧАШМАСИ

Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Исломович НАРЗИЕВнинг тизим ходимларига

 БАЙРАМ ТАБРИГИ

 Азиз ҳамкасблар, вилоятимизнинг барча тиббиёт ходимлари!

Кун сайин яқинлашиб келаётган Наврўз байрами жонажон Ватанимиз чиройини  янада очиб, фуқароларимиз қалбига қувонч ва шодлик тароватини олиб кирмоқда.

Наврўз нафақат табиатнинг ўзгариши, яшариши, балки инсон қалби, руҳияти ва тафаккур тарзининг ҳам янгиланишидир. Қадимдан ота-боболаримиз табиатни англаш орқали ўзлигини янгидандан кашф этган, қалбида ўзига ишонч, эртанги кунга умид уйғонган. Шунинг учун ҳам бу байрам бизнинг давримизда  тинчлик, осойишталик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббатнинг таронаси, ҳар инсоннинг ўз халқи, унинг тарихи ва маданиятига бўлган ҳурматининг нишонаси бўлиб қолмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳам бу йилги баҳор айёмини ҳар қачонгидан кўтаринки руҳда кутиб олмоқдалар. Чунки азалдан баҳор – яшариш ва кўкариш, ёшлик ва уйғониш, янгиланиш ва орзулар фасли санаб келинган. Бинобарин, вилоят тиббиёти ва соғлиқни сақлаш тизимида катта ўзгаришлар рўй бераётганини  барчамиз кўриб турибмиз ва бундан бениҳоя хурсандмиз. Ишга туширилаётган янги тиббиёт масканлари, инвестициялар асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва жиҳозлаш ишлари, хорижий мамлакатларнинг нуфузли тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик кўламининг кенгайиб бораётгани, хусусий клиникалар фаолиятининг сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилаётгани, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизматининг тубдан янгилангани – буларнинг ҳаммаси олдимиздаги улуғвор мақсадга қаратилган ҳаракатларнинг бошланишидир.

Ҳали тиббиётимиз мисли кўрилмаган даражада ривожланади. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг олиб бораётган изчил сиёсати, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасига оид қабул қилинаётган янги қонун, фармон, қарор ва фармойишлар бунга мустаҳкам асос ва ишончли кафолатдир.

Наврўз кунларида барчамиз олдинда турган залворли ишларимиз ривожи учун яхши ниятлар қилайлик, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, мустаҳкамлаш учун белимизни қаттиқроқ боғлайлик!

Барчангизни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”нинг баҳори – Наврўз байрами билан самимий табриклайман, эзгу ва шарафли ишларингизга омад, ўзингизга ва оилаларингизга мустаҳкам соғлик тилайман!

Улашинг: