Бош саҳифа > Жамият > Ўзбекистонда ота-онанинг ака-ука ва опа-сингилларининг фарзандлари ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади

Ўзбекистонда ота-онанинг ака-ука ва опа-сингилларининг фарзандлари ўртасида никоҳ тузиш тақиқланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 607-1-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 16-моддасининг (Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар) учинчи хатбошиси (насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида) қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида,  туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингилларининг фарзандлари ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;”.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ушбу Қонуннинг ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлайди.

Оила кодексининг 57-моддасига (Қариндошлик) кўра, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади. Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.

Кодексда айтилишича, тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.

Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда, даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади. Ҳисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса, авлодлар томон — улардан бошқасига қараб олиб борилади.

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида турадилар.

Бундан ташқари, 58-моддада (Ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндошлик) айтилишича, ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкин. Ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланади. Ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса, ака-ука ва опа-сингиллар ўгай ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар рўйхати тўлдирилиши хабар қилинганди.

Улашинг: