Бош саҳифа > Без рубрики > МИННАТДОРМАН

МИННАТДОРМАН

Инсон камдан кам ҳолларда ғанимат неъматларнинг қадрига етади. Айниқса, саломатликни йўқотганидан кейин бу ҳақда ўйлай бошларкан. Менда ҳам шундай бўлди: чап томоним билинар-билинар оғриб юрганида, мен буни чарчоқ, толиқиш аломатига йўйиб юрган эканман. Кейинчалик бу оғриқ зўрайиб, менга кўз очирмай қўйди.  Яқинларим туманидаги “Дилдора-Дилобар” хусусий клиникасига олиб боришди. Текширувлардан сўнг менга йўғон ичак тиқилмаси ташхиси қўйилди. Бу эса сурункали ич қотишининг асорати бўлиб, йўғон ичакда кичкина миома вужудга келганлигидан дарак бериб туради. Сўнг мени туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб боришди. Шифокор Бозор Бобоев бошчилигида шифокорлар мени операция қилишди.

Тиббий таҳлиллар вилоят муассасасига юборилди. Таҳлиллар натижасига қараб хулоса қилган шифокорлар мени Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалига йўлладилар.

Филиал раҳбари Ғ.Н. Саидов, 2-жарроҳлик бўлими шифокори Анвар Тўлаев, кимётерапия бўлими шифокори Файзулло Солиховлардан ва шу ерда хизмат қилаётган ўрта тиббиёт ходимларидан миннатдорман. Улар менга ҳамиша ширин муомалада бўлиб, касалликни енгишда менга далда, куч-қувват бўлдилар.

Рўзибиби ШУКУРОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган

Халқ таълими ходими.  

Улашинг: