Бош саҳифа > Ислоҳот > ОҚ ХАЛАТ МАСЪУЛИЯТИ: УНГА ДОҒ ТУШИРМАСЛИК КЕРАК

ОҚ ХАЛАТ МАСЪУЛИЯТИ: УНГА ДОҒ ТУШИРМАСЛИК КЕРАК

Коррупция ҳақида гап кетар экан, бежиз уни тараққиёт кушандаси дейишмайди. Зеро, қатор давлатлар қонунлари ушбу жиноятга қарши курашда турлича ёндошади. Унинг жамият ҳаёти учун офат эканлигини шундан ҳам билса бўлади. Дунёда коррупциянинг тури кўп. Олимлар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан унинг келиб чиқиш сабаблари ўрганиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича сон-саноқсиз тадқиқотлар ўтказилмоқда. Шунга қарамай, ҳали бу борада ҳамма учун мақбул ва энг самарали усул топилган эмас. Негаки, бир давлатда натижа берган усул бошқа давлатда у қадар самара бермаслиги мумкин.

Баъзан одам боласи билиб, баъзан эса билмай бу йўлга қадам босади. Аммо, қонунда қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, жиноят жазога муқаррар тортилади. Унга кўра “олувчи” ҳам, “узатувчи” ҳам жавобгар ҳисобланади. Президентимиз томонидан имзоланган (2017 йил 3 январь) “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлардан бири бўлди. Олти боб ва ўттиз тўрт моддадан иборат ушбу қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар  ва меъёрлар белгиланди. Бугун бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соғлиқни сақлаш тизимида бу борада масъулиятни кучайтиришга ҳар қачонгидан-да кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) Бухоро филиали йиғингоҳида “Коррупция – миллий хавфсизликка таҳдид” мавзусида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари, бошқарма тасарруфидаги барча тиббий муассасалар раҳбарлари, ҳуқуқшунослари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорат инспекцияси Бухоро вилоят ҳудудий бўлими ҳамда вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларининг бир гуруҳ ходимлари қатнашдилар.

Семинарни ВҲССБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдулхаков очди ва бошқариб борди. У тизимда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб, айни пайтда ходимлар этикаси ҳамда масъулиятини оширишга доир бажарилиши керак бўлган ишлар нималардан иборатлигига тўхталди.

Тадбирда вилоят прокуратураси терговчиси Д.Сафаров, вилоят адлия бошқармаси ходими А.Раҳматов, Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси катта суриштирувчиси С.Жалилов ҳамда ИИБ жиниоят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими тезкор вакили Ж.Зияевлар мавзуга доир ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Сўзга чиққанлар коррупциянинг илдизлари, бу борадаги халқаро вазият, унинг олдини олиш масаласида сўнгги йиллардаги кўрсаткичлар ҳақида гапириб,  “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти билан билан йиғилганларни таништирдилар.

Минг афсуски, бошқа соҳалар қатори тиббиётда ҳам ўз манфаати йўлида қинғир йўлдан қайтмайдиганлар ҳам учраб турибди. Бу эса ишларни тартибга солиш тизимнинг қуйи бўғинларидан бошлаш кераклигини кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, соҳада таъқиқланган психотроп дори воситаларини новонуний йўллар билан сотаётган тиббий ходимлар ҳам ураб турибди. Нотиқлар тиббий муассасалар, поликлиникалар ва тиббиёт бирлашмалари раҳбарларига пастки звенода ишлаётган ходимлар малакаси, бу борадаги тушунчаларини доимий ўрганиб боришлари зарурлигини таъкидладилар.

Тадбир якунида тўпланганлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ.

Улашинг: