Бош саҳифа > Без рубрики > “ХУЛОСАТ АЛ-ҲУКАМО” – БЕБАҲО ТИББИЁТ ХАЗИНАСИ

“ХУЛОСАТ АЛ-ҲУКАМО” – БЕБАҲО ТИББИЁТ ХАЗИНАСИ

Ўтмиш аждодларимиз биз авлодларга барча соҳада бўлгани каби табобатга оид ҳам бебаҳо ва дурдона асарларини мерос қилиб қолдирганлар. Жумладан, Шахобиддин Абдулкаримнинг “Тибби Шахобий” (Шахобий табобати) ХIV аср, Юсуфий (ХV аср)нинг Бобурга атаб ёзилган “Қасида дар ҳифзи сиҳат” (Соғлиқни сақлаш ҳақида қасида), Ҳаким Довоий ал-Гилоний (ХVI)нинг “Фавоид ал-инсон” (Инсонларга фойдалар), Саййид Муҳаммад Ҳасратнинг “Низомус сиҳат” (Саломатликни сақлаш қоидалари), ХVIII аср бошлари, Муҳаммад Ҳусайн (ХVIII аср)нинг “Маҳзан ал-адвиййа” (Даволар хазинаси), Мажидиддин Хавофийнинг “Хористон” (Тиканзор), Муиниддин Жувайнийнинг “Нигористон”, Ҳаким Қоонийнинг “Паришон” (Сочилган) каби асарлар шулар сирасига киради.
Мана шулар қаторига 1860 йилда ёзилган “Хулосат ал-Ҳукамо” (Ҳакимлар хулосаси) асари алоҳида қимматга эга. Мазкур асар муаллифи Ҳофиз Калон ибн Бадриддин қори бўлиб, асар 33 бобдан иборат. Унда табобатга оид муаммо ва масалалар ҳар хил муаллифларнинг китобларидан танлаб олинган ва мукаммал китоб шаклига келтирилган. Унинг бир нусхаси 436/III рақами билан Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Шу китобдаги ҳали-ҳанузгача тиббий қимматини сақлаб келаётган баъзи тавсияларга диққатингизни тортишни лозим топдик.
“Дастурхонда тансиқ таом бўлса-ю, унга ҳирс билан ташланмаслик керак. Аксинча уни илтифот юзасидан бошқаларга ҳавола этмоқ лозим. Овқат ейилаётган пайтда ҳар ким ўз шеригининг еяётган луқмасига қарамаслиги, ўз олдидан олмоғи, бироқ мева-чева бўлса, бошқа жойдан танлаб олмоғи мумкин. Оғзига солинган овқатдан суяк ёки бошқа бирор номуносиб нарса чиқса, оғзидан олиб дастурхонга қўймасин. Масалан, оғзида суяк бўлса, уни бошқаларнинг диққатини жалб қилмасдан, бекитиб олсин. Ўзгалар иштаҳасини бўғадиган ва иффатини кеткизадиган ҳаракатдан ниҳоятда эҳтиёт бўлсин. Оғзидан қайтариб олинган нарсани қайтариб идишга солмасин. Шундай йўл тутсинки, ундан қолган овқатдан табаррук сифатида ичувчи ўзга кишиларнинг нафратини қўзғатмасин.
Киши меҳмон бўлса, қўлини мезбондан олдин артишга ҳаракат қилсин. Кўпчилик қўл тортса, у ҳам кўпчиликка эргашсин. Оч бўлса ҳам бунинг аҳамияти йўқ. Борди-ю мезбон бўлса, ўзгалар қўл тортганда ҳам у қўл тортишдан тийилиб турсин. Чунки меҳмонларнинг бирортасида ейишни давом эттириш хоҳиши бўлса, уялиб қолмасин.
Овқат орасида сув ичиш истаги пайдо бўлса, сувни оҳисталик билан ичсин. Токи ичаётганда кишилар унинг оғзи ва халқумининг овозини эшитмасин. Одамлар овқат еяётганда тишини ковламасин. Тишдан чиққан шундай жойга ташласинки, токи одамларнинг нафратини қўзғатмасин. Қўл юваётганда, қўлни ва тиш остини тозалашга алоҳида диққат қилсин.”
“Билгилки, парҳезнинг сиҳат-саломатлик учун фойдаси буюкдир. Айниқса киши дори ичишдан иложи борича тийилмоғи даркор. Барча ҳакимларнинг бир қарорга келишларича, кишининг жону танига тўрт нарса катта зиён келтиради: кўп ейиш, кўп сўзлаш, кўп жинсий алоқа қилиш ва кўп ичиш.
Айтишларича, кам еб, кам ичишдан кўра фойдалироқ дори йўқ. Чунки, кўп ейишдан меъда заиф бўлади. Барча касалликлар шундан пайдо бўлади. Тан эса кучсизланаверади. Қоринда бод пайдо бўлади, оғиздан эса ёқимсиз ҳидлар келади. Юзам сарғайиб, еган таом ҳазм бўлмайди. Хабарлардан маълум бўлишича, бир кун Анушервон овқатланаётган эди. Унинг ёнида Юнон исмли ҳаким ўтирган эди. Юнон Анушервоннинг кўп овқат еяётганини кўриб:
-Эй подшо! Оз ейишнинг баданга фойдаси катта. Киши қанча оз еса, шунча соғлом бўлади, – деди. Анушервонга бу сўз таъсир қилиб, таомдан дарҳол қўлини тортди.
Жолинуснинг айтишича, кимки иссиқ ҳаммомга кириб, бошидан қайноқ сув қуяверса, кўзига зарар қилади. Аммо сут сигирдан соғиб олинган пайтда қанчалик иссиқ бўлса, шу даража иссиқликдаги сувни бошдан қуйиш эса мияга фойда беради ва мия қатиғининг зиёда бўлишига кўмак беради. Бош суякларларига ҳам нафлидир.
Суқротнинг айтишича, киши қовурилган гўшт еб, орқасидан сув ичса, ошқозоннинг заифлашувига сабаб бўлади ва таом ҳазм бўлиши қийинлашади. Кимки овқат еб дарҳол уйқуга кетса, уйғонгач ўзини жуда оғир ҳис қилади. Меъда ичи фасод билан тўлади. Ҳар бир одам озроқ миқдорда майиз еб юрса, балғамли йўтал йўқолади. Майиз бадандаги сафрони қувади, эсда сақлаш қобилияти яхшиланиб боради.
Ҳакимларнинг иттифоқ бўлиб айтишича, тўрт нарса одамнинг юрагига хурсандлик ато қилади: соя жойга қараш, оқар сувга тикилиш, чиройли хат ва гўзал чеҳра. Тўрт нарса обрўни кеткизади: ёлғон гапириш, катталар билан тортишиш, ҳаддан ошиш, кибрланиш. Тўрт нарса обрўни зиёда қилади: ваъдага вафо қилиш, аҳдида мустаҳкам туриш, саховатли бўлиш, эл билан чиқишиш…
Ҳакимларнинг нақл қилишларича, ақл мияда, таъм маъдада, куч қўлда, ғазаб ўтдадир. Ва яна айтишларича, юрак – қоннинг уйи, ўт – сафронинг уйи, кўнгил – нурнинг уйи, талоқ балғамнинг уйидир. Кимнинг юраги соғлом бўлса, юзи қизил, ўзи тандурист бўлади. Кимнинг юраги заиф бўлса, юзи сариқ бўлади. Ҳар кимнинг ўти кучли бўлса, ўзи хушчақчақ бўлади.”
Акбар АЛЛАМОВ, Шифокор-педагог.

Улашинг: